Холдербай Усманович : другие произведения.

Холдор Вулконнинг япон шеъриятидан қилган таржималари. Хайку ва танкалар

Самиздат: [Регистрация] [Найти] [Рейтинги] [Обсуждения] [Новинки] [Обзоры] [Помощь|Техвопросы]
Ссылки:
Школа кожевенного мастерства: сумки, ремни своими руками
 Ваша оценка:

  
   Япон шеъриятидан Холдор Вулқон таржималари.
  
  
  
   Хайку ва танкалар:
  
  
   --------------------
   Хайку ва танкалар ҳақида
   ---------------------
  
  
   Хайку ва танкаларда кўп қиррали нимкоса маъно, киноя, фисқу фасод, фалсафий мазмун мушохадалар йўқ.Бу ихчам поэтик жанр гўзал табиат манзараларини, ёхуд нарсалар холатини, ёки одамнинг муайян руҳий кайфиятини акс этдириш орқали ўқувчига хайрат бағишлаш, осуда тонглар каби тоза туйғулар бахш этиш санъатидир.Хайку ва танкаларда акс этдирилган манзараларни кўз олдингизга келтира олсангиз, тоғдаги қишлоқда ой чиқишини сарғайиб кузатаётган дехқонлар ҳолатини,бутазорлар ортидан оҳиста кўтарилаётган тўлин ойни кўраётгандай, чигирткалар чириллашини эшитаётгандай, бўласиз.Таҳайюл ва таҳайюр шуълаларига йўғриласиз.Қуйида бундан олти аср аввал ёзилган япон хайкуларини ва танкаларини ўз таржимам орқали ҳукмингизга ҳавола қиламан.
  
  
   ----------------------------------------
   Холдор Вулқон. 1983 - 2013 йиллар.
   ----------------------------------------
  
  
  
   Хайкулар.
  
  
  
  
  
  
   ---------------------
   Матсуо Басё
   ---------------------
  
  
  
  
  ***
  
  Ботаргохда қизарди қуёш,
  Қизарди ўтлоқларда ўт -ўлан.
  Чўғдек ёнар шудринг ҳам ҳатто!
  
  
  
  ***
  
  Шиллиққурт терувчи одамлар,
  Кун бўйи дайдийди далада,
  Усти боши, енгилари лой...
  
  
  
  
  ***
  
  Жим -жит ойдин сукунатда
  Каштан ёнғоғини ғажиётган қуртнинг,
  Товушини ҳам эшитиш мумкин.
  
  
  
  
  ***
  
  Чой тергувчи аёллар
  Чой баргларин териб кетишди
  Кузги шамолдай.
  
  
  
  
  ***
  
  Каталакдай кулбамни
  Чор тарафдан ёритди
  Деразамдан мўралаган ой.
  
  
  
  
  ***
  
  Шу кўм - кўк денгизга улоқтираман,
  Шамол тортқилаб йиртган қалпоғим билан
  Дабдаласи чиққан шиппагимни мен.
  
  
  
  
  ***
  
  Шамолда ўнтаётган дарахт ва,
  Косага томаётган чакки товушин,
  Тинглаб ётдим ёлғиз, тун бўйи.
  
  
  
  
  ***
  
  О, келдингми, дарбадар қарға!
  Сенинг эски ининг қайларда экан?
  Олхўрилар бурканди гулга!
  
  
  
  
  ***
  
  Тоғ этагидаги кулбамга йўқлаб,
  Келаётган азиз дўстимнинг
  Нақд иягидан келар ўт - ўлан.
  
  
  
  
  ***
  
  Тунги осмонларга термулдим узоқ,
  Ва ниҳоят мана, булутлар аро,
  Ярақлади шуълаафшон ой.
  
  
  
  
  ***
  
  Тунги сабо шивирлашини ва
  Менинг шеърларимни тушунар фақат
  Далаларда ёлғиз тунаган одам.
  
  
  
  
  ***
  
  Гулдаги шудрингни ичар капалак.
  Ҳатто куз келган бўлсада, барибир
  Яшагиси келади унинг.
  
  
  
  
  ***
  
  Кузги бамбукзорга беркинди,
  Чарчаб, бир зумгина тин олди
  Хазонрез шамол.
  
  
  
  
  ***
  
  Яхшилаб қара, ҳув ана!
  Кўраяпсанми четан девор остидаги
  Гуллаётган "чўпон" гулини?
  
  
  
  
  ***
  
  Узоқ - узоқларда ибодатхонанинг
  Қизил томи кўриниб турар
  Гуллаган гилослар булути аро.
  
  
  
  
  ***
  
  Ҳаётим каби енгил,
  Гуруч сақлаш учун қовоқдан ясалган
  Шу бўм -бўш идиш.
  
  
  
  
  ***
  
  О, уйғон, уйғонсангичи аҳир,
  Ҳеч йўқ сен ҳамрох бўл менга,
  Чарчаб, ухлаётган капалак!
  
  
  
  
  ***
  
  Ҳайр ёрим, ҳайр, яхши бор!
  Ойдинда гуллаган олхўриларни
  Эслаб тургин, ёд эт, унутма.
  
  
  
  
  ***
  
  Ҳой мол бақаётган болалар!
  Синдириб, тугатмаларинг,
  Хивич қилиб олхўри шохин!
  
  
  
  
  ***
  
  Кўхна ховуз, кимсасиз жимлик.
  Бирдан сувга сакради бақа,
  Халқаланди сукунатда сув.
  
  
  
  
  ***
  
  Денгиз суви совуқ.
  Чағалай ухлолмасдан қийналар,
  Тўлқин узра қалқиб, чайқалиб.
  
  
  
  
  ***
  
  Ярим тунда уйғониб кетдим,
  Ошхонада суви музлаб қолган
  Шиша идиш ёрилган маҳал.
  
  
  
  
  ***
  
  Шаҳарда янги йил бозори гавжум,
  Қани энди, мен ҳам борсайдим,
  Тутатқи - исириқ сотиб олсайдим.
  
  
  
  
  ***
  
  Гилослар гуллаб ётган томонда
  Жранглайди ҳамон қўнғироқ.
  Уэно ё Асакусо томонда балки.
  
  
  
  
  ***
  
  Кун бўйи пишган буғдойзор устида,
  Вижир -вижир қилиб тўхтамай,
  Сайраб, сира тўймади тўрғай.
  
  
  
  
  ***
  
  Дарахтнинг шохида бўм -бўш қуш ини.
  Қарамоқ қайғули, қачонлардир кўчиб кетган
  Қўшнимнинг хувиллаб ётган уйига.
  
  
  
  
  ***
  Тунда шамни аста ёқар экансан,
  Худди чақмоқни ушлаб тургандай
  Туюлдинг менга.
  
  
  
  
  ***
  
  Яқинда оламдан ўтган аёлнинг,
  Четан деворида очилган оппоқ
  Гули ҳам менга совуқ туюлди.
  
  
  
  
  ***
  Қишилиштон кимсасиз кулбанинг,
  Чириган устунини тақиллатаётир
  Тўхтовсиз ва аёвсиз чўқиб.
  
  
  
  
  ***
  
  Қишлоққа куз ташриф буюрди яна.
  Ўтлоқда шошилмай, секин одимлайди
  Оёқлари узун қарқара.
  
  
  
  
  ***
  
  Дехқон шоли янчишдан тўхтаб,
  Тўлин оёга термулди узоқ
  Кузги хирмонда.
  
  
  
  
  ***
  
  Гулхан оловида қуритаяпман
  Ёмғирда ивиган кийимларимни,
  Кузги совуқ изғирин...
  
  
  
  
  ***
  
  Кўтармоқда оҳиста қаддин,
  Боягина ёмғир пайхон қилган
  Кузги хризантема гуллари.
  
  
  
  
  ***
  
  Илтимос, май тўлдирилган қадахга
  Лой туширмай учинглар,
  Барка топгур, қалдирғочлар!
  
  
  
  
  ***
  
  Гуллаётган гилос остида,
  Худди роль ижро этаётган актер каби,
  Тунаш учун чўзилиб ётдим.
  
  
  
  
  ***
  
  Гилослар қийғос гуллаган.
  Тонг бўлса, ўша ўша, беғам,
  Оҳиста оқарар тоғлар ортида.
  
  
  
  
  ***
  
  Фақат кўприк қолди
  Кўздан йўқолмаган.
  Шовуллайди баҳор ёмғири...
  
  
  
  
  ***
  Гўё ҳозир, унга жавобан
  Қўнғироқ ҳам зинғиллаб қолар.
  Ҳазин зувиллайди зувилдоқ.
  
  
  
  
  ***
  
  Кузатаман қирғоқда ғамгин,
  Балиқчилар қайиқда ёққан
  Чироқлар маржони сузар зулматда.
  
  
  
  
  ***
  
  Печакгуллар очилиб ётар.
  Бўйни ингичка қовоқлар эса,
  Ўхшамайди бири иккинчисига.
  
  
  
  
  ***
  
  Йўқ, мен топа олмадим,
  Сенга ўхшаш нарсани ҳали,
  Янги чиққан ой!
  
  
  
  
  ***
  
  Булутлар қилт этмай турибди,
  Осмоннинг тенг ярмини қоплаб.
  Чақмоқларни кутмоқда улар.
  
  
  
  
  ***
  
  О, уларнинг кўплигини!
  Сон -саноқсиз чечаклар!
  Яна ҳаммаси ҳар -хил гуллабди!
  
  
  
  
  ***
  
  Ўз ҳаётини ўрабди
  Кўприк устунларига
  Увадагуллар...
  
  
  
  
  ***
  
  Ҳайр! -дедим мен кимгадир,
  Кимдир ҳайрлашди мен билан.
  Кисо тоғларида кезиб юрар куз.
  
  
  
  
  ***
  
  Топ этиб ерга узилиб тушди,
  Каштан дарахтининг тўпчаси.
  Мен уни дўстимга совға қиламан.
  
  
  
  
  ***
  
  Мана, гуруч ҳам тугади.
  Энди гуруч сақлайдиган идишга
  Гул ўтқазаман.
  
  
  
  
  ***
  
  Дўстим ўйқлаб келса, яхши бўларди,
  Шу ғамгин ёлғизлик сукунатида.
  Кузги япроқ узилиб тушди.
  
  
  
  
  ***
  
  Чироқ ўчган, зимистон кулба,
  Бир кишилик совуқ, яримта адёл.
  Ўрансанг, гўё чақаман дейди.
  
  
  
  ***
  Ғир ғир эсар тунги шабада.
  Сувни халқалайди, сакрайди балиқ.
  Чўмиламан ойдинда ёлғиз.
  
  
  
  
  ***
  
  Қиш кечаси, ёлғизлик.
  Суянаман, шифтга боққанча
  Кулбам ўртасидаги устунга.
  
  
  
  
  ***
  
  Ҳамон пишиллаб ўтга томаётган,
  Аччиқ -аччиқ кўз ёшларимдан
  Ўчиб қолмасайди гулхан чўғлари.
  
  
  
  
  ***
  
  Якунига етди баҳор ҳам.
  Жиққа ёшга тўлди ховузда,
  Билтанглаган балиқлар кўзи.
  
  
  
  
  ***
  
  Кечки қўнғироқлар жаранги...
  Ўшани ҳам эшитолмайсан
  Бу кимсасиз овлоқда шомлар.
  
  
  
  
  ***
  
  Менинг йўл аниқлагичим -
  Узун -узун ўт -ўлан ўсган
  Ўтлоқдаги ўроқчи одам.
  
  
  
  
  ***
  
  Кузги хирмонларда дон янчиётиб,
  Узоқ -узоқларда оҳ чекаётган
  Какку овозиини тингламоқ роҳат.
  
  
  
  
  ***
  Ҳой, подачи, подани хайда
  Ҳув анави томонга,
  Какку сайраётган ёқларга!
  
  
  
  
  ***
  
  Шиддатли баҳор ёмғири!
  Бўтана сув, қутуриб, тошиб,
  Шавақи шоввани кўмиб ташлади.
  
  
  
  
  ***
  Оҳ, қандай роҳат!
  Шолипоя, яшил шолилар!
  Жилдирайди қаердадир сув.
  
  
  
  
  ***
  Қуйилиш дорвозаси томонда
  Узуноёқ қарқарани кўкрагига қадар,
  Кўмар сўлим денгиз сувлари.
  
  
  
  
  ***
  
  Шовуллайди ойдинда денгиз.
  Сомон йўли эса, чўзилган
  Узоқдаги Садо оролигача.
  
  
  
  
  ***
  
  Ҳижрон ҳақидаги хайкуни
  Елпуғичга ёзаётсам, кутилмаганда,
  Қирс этиб қўлимда синиб қолди у.
  
  
  
  
  ***
  Ўлган жангчининг чириб, тешилган
  Харбий дубулғаси остида беғам
  Куйлар чирилдоқ.
  
  
  
  
  ***
  Манашу бужур тош қачонлардир
  Сиёхдони бўлган бирор шоирнинг.
  Ўйдиғида ялтирар шудринг.
  
  
  
  
  ***
  
  Ниначи учяпти, учяпти ҳамон,
  Қўна олмай, шамолда эгилаётган
  Курмак новдасига.
  
  
  
  
  ***
  Дехқонлар, ҳайқириб, даладан қувган
  Чумчуқлар галаси панох топди охир,
  Чой буталари орасидан.
  
  
  
  
  ***
  Семиз чўчқани ҳам учириб кетар,
  Қишки қор қоплаган далаларда
  Чарх урган бу шиддатли қуюн.
  
  
  
  
  ***
  
  Ўлтираман кулбамда ёлғиз,
  Худди кимдир ноғора чалаётгандай,
  Томнинг тунукасин тақирлатар дўл.
  
  
  
  
  ***
  
  Мен қарсак чалган маҳал,
  Акс -садо янграган ёқда
  Порлар тўлин ой.
  
  
  
  
  ***
  
  Ёлғиз, пастак кимсасиз кулба.
  Ҳатто қизилиштон ҳам
  Тақиллатмас унинг эшигин.
  
  
  
  
  ***
  
  Сен ҳам кўрган эдинг ва севар эдинг
  Янги чиққан ойнинг ўроғин, дўстим.
  Энди у мозоринг устида порлар.
  
  
  
  
  ***
  Узоқ меҳмон бўлмай,
  Кетиб қолди мағриб томон ой,
  Хонтахтани ёлғиз қолдириб.
  
  
  
   --------------------------------------
   Кобаяси ИССА .
   ------------------------------------
  
  
  
  ***
  
  Қийғос гуллаётган гилослар,
  Мажбур қилди отдан тушишга
  Калтафахм амалдорни ҳам.
  
  
  
  
  ***
  
  Далаларга қўнди ёввойи ғозлар.
  Томошабин одамларни
  Адо қилиб бўлмайди санаб.
  
  
  
  
   ***
  
  О, қанчалар ғамгинлик билан,
  Кузатмоқда капалакнинг
  Озод парвозини қафасдаги қуш!
  
  
  
  
  ***
  Куз шамоли келтирди
  Бир қучоқ хазон,
  Ўчоққа ёқмоқ учун.
  
  
  
  
  ***
  
  Шудринг кўздан ғойиб бўлди,
  Учиб кетди, нопок бу дунёда
  Қиладиган иши қолмагандай.
  
  
  
  
  ***
  Дехқонларга ҳам ҳайронман.
  Улар ўрнатган дала қўриқчиларининг
  Ҳаммаси қинғир -қийшиқ.
  
  
  
  
  ***
  Бу қўзиқориннинг заҳарли эканини ва,
  Еганки одамни ўлдиришини
  Билардим, аввалдан билар эдима!..
  
  
  
  
  ***
  Йил охирлаб қолган пайтлар
  Қоғоз қанот чиқариб, бирдан
  Учиб кетди қайгадир пуллар...
  
  
  
  
  ***
  Эҳҳей, неча кун юмалади экан
  Бу шўрлик пўртахол меваси
  Текисликка тушгунча тоғдан?!
  
  
  
  
  ***
  Арши Аълодан тушаётгандай,
  Ойдинда оҳиста ерга қўнаётган
  Оппоқ гилос гулпаллалари.
  
  
  
  
  ***
  Хайдаманглар қовоқарини!
  Ахир у узоқлардан келган,
  Ўтлоқдаги гулларни йўқлаб.
  
  
  
  
  ***
  Чошгоҳ пайти сояда ётиб,
  Жазирама далада ишлаётган,
  Одамларга ҳурматим ортди.
  
  
  
  
   ---------------------------
   Ёса БУСОН .
   ---------------------------
  
  
  ***
  
  Ойдин кеча. Сайрайди бўлбул
  Кичкина тумшуғини
  Борича очиб.
  
  
  
  
  ***
  Тўрғай сайрар тўлиқиб, тошиб,
  Узоқ термулади кўкка самурай,
  Енгини кўзига соябон қилиб.
  
  
  
  
  ***
  
  Илиқ баҳор оқшоми.
  Йўловчилар ўтди, ой порлаётган,
  Булбул чах -чах сайраётган пайт.
  
  
  
  ***
  Югирик денгиз тўлқинлари ювар,
  Хурпайган оппоқ қарқаранинг,
  Узун -узун оёқларини.
  
  
  
  
  ***
  Оҳ, қанчалар маза!
  Кечсанг ёзги тиниқ сувларни,
  Шиппагингни қўлинга олиб.
  
  
  
  
  ***
  
  Икки ёки учта гулпалла
  Бир -бирининг устига тушди.
  Пион гули тўкилаётир.
  
  
  
  
  ***
  
  Тунги пашшахонага қамалган,
  Ёнарқуртлар учди зулматда.
  Қувончларга тўлди юрагим!
  
  
  
  
  ***
  
  Кузги бўрон.
  Новдаларга қўнган чумчуқ галаси
  Мувозанат сақлайди аранг.
  
  
  
  
  ***
  Оқшом, шундоқ жинкўчада
  "Бон" байрамига кетаётган йўловчини,
  Қувлаб қолди қопоғон итлар.
  
  
  
  
  ***
  
  Ой порлаган кеча кўзи ожиз одам,
  Тасодифан менга туртиниб кетиб,
  Кулиб юборди.
  
  
  
  
  ***
  
  Ҳатто Худо урган қароқчи ҳам,
  Жўшиб, қўшиқ айтиб юборар
  Бундай ёруғ ойдин кечада.
  
  
  
  
  ***
  
  Ой тиккага келган маҳал.
  Кимсасиз кўчада юрибман дайдиб,
  Ёлғиз бир ўзим.
  
  
   ***
  
  Қирғоқда бир ўзим балиқ тутаман.
  Ғариб, ғамгин кузги шамоллар
  Таранглаштиради қармоқ ипини.
  
  ***
  Хайдаманглар қовоқарини!
  Ахир у узоқлардан келган,
  Ўтлоқдаги гулларни йўқлаб.
  
  
  ***
  Чошгоҳ пайти сояда ётиб,
  Жазирама далада ишлаётган,
  Одамларга ҳурматим ортди.
  
  
  
  
   ***
   Қорли тонг.
   Яна қуритилган балиқни
   ейман шекилли ёлғиз бир ўзим.
  
  
  
  
   ***
   Денгиз сувида сузиб юрар
   майда ялтироқ балиқчалар.
   Тутаман десанг, йўқ бўлиб қолишар.
  
  
  
  
   ***
   Шу қоядан туриб,
   кўм - кўк денгизга
   қалпоғимни улоқтираман!
  
  
  
   ***
   Қишки дала.
   Узоқларда юрар дехқонлар
   қолган - қутган чўпларни йиғиб.
  
  
  
   ***
   Сочим ўсибди.
   Озиб кетдим, рангим олинган
   буғу ойидаги ёмғир тўхтамас.
  
  
  
   ***
   Банан япроқлари сўлғин.
   Ойнинг порлаб чиқишини
   сарғайиб кузатар дехқонлар.
  
  
  
   ***
   Йўллар тойғоқ музлама.
   Аттанг, тойиб йиқилди
   ширакайф дўстим.
  
  
  
   ***
   Ўлган ўғлин эслаб йиғлади ота.
   Сўнаётган гулхан чўғлари
   ўчиб қолди унинг кўзёшларидан.
  
  
  
   ***
   Эгнимдаги қоғоз кўйлагимни
   ивитиб йиртибди
   баҳор ёмғири.
  
  
  
   ***
   Музлаган олабуға балиқлари
   иржайтириб ётар тишларин
   совуқ дўкон пештахтасида.
  
  
  
   ***
   Қайдасан, эй менинг таянчим?
   Хасса қилиб олган чўпагимни
   синдирди кузги шамол.
  
  
  
   ***
   Уфқларга ботмоқда қуёш.
   Кузги дарё сувларида
   ялтиллайди майда балиқлар.
  
  
  
   ***
   Чопоним юпқа.
   Кун бўйи ўтириб, ундаги битларни
   териб ўлдирдим.
  
  
  
   ***
   Жуда қалин қор ёғибди.
   Энди Хакбинз тоғидан
   қандай ошиб ўтар одамлар?
  
  
  
   ***
   Ёсинодаги гуллаган гилосларни
   кўрсатайми сенга,
   менинг қалпоғим?
  
  
  
   ***
   Охир қувиб етдим ниҳоят,
   ўтган баҳорни
   олис "Вака" бандаргохида.
  
  
  
   ***
   Вой баёв!.. Вой баёв!..
   Яна нима дейиш мумкин сиз ҳақингизда
   Ёсинодаги гуллаган гилослар!
  
  
  
   ***
   Устунларига ҳас - хашак илинган
   кўприк ҳайрлашаётир
   тўлин ой билан.
  
  
  
   ***
   Қайдан келди бу ялқовлик?
   Бугун аранг уйғотишди мени,
   шовуллайди баҳор ёмғири.
  
  
  
   ***
   Қувончла боқамиз ёнарқуртларга,
   қайиқчидан умид йўқ, у маст.
   Тўлқинлар қайиқни суриб бормоқда.
  
  
  
   ***
   Ойдин қиш кечаси,
   қор босган йўллар.
   Итга отай десам топилмайди тош.
  
  
  
   --------------------------
   Кобаяси Исса
   ------------------------
  
  
  
   ***
   Кечиб ўтдим саёз ва тошли,
   ферузаранг дарё сувларин,
   шиппагимни қўлимга олиб.
  
  
  
   ***
   Ойдин кеча.
   Тиниқ шолипоя сувида
   оқиб юрар гилос гуллари.
  
  
  
   -----------------------
   Ковахигаси Хекигадо
   ----------------------
  
  
  
   ***
   Сузаётир қора кемадай,
   секин аста булутлар аро
   тоғнинг чўққиси.
  
  
  
   ***
   Шиллиққуртнинг сира
   чиғаноғидан чиққиси келмас.
   Кузги шамоллар...
  
  
  
   -------------------
   Масаока Сики
   -------------------
  
  
  
   Гуллаган Ямабука сояси.
   Сув солинган қовоқда
   билтанглайди кумушранг балиқ.
  
  
  
   ***
   Кимсасизлик.
   Дарахт остидаги шалоқ ўриндиқда
   қарағайнинг игна барглари.
  
  
  
   ------------------------
   Найто Мейсетсу
   -----------------------
  
  
  
   ***
   Қайтариб келади ўз овозимни
   яна ўзимга
   кузги бўронлар.
  
  
  
   ***
   Юрмаётган отининг
   жиловидан тортар зўр бериб
   аравакаш совуқ кечада.
  
  
  
   ***
   Эшитилар ойна ортидан
   дехқон кетмонининг чиқирлашлари.
   Шудгорда тош кўп.
  
  
  
   ***
   Зилол сувли дарёда,
   лапанглаб оқмоқда
   сувга қулатилган ходалар.
  
  
  
   ***
   Тутунларда кўринмай кетар
   саргашта рохиб.
   Олисларда қўнғироқ товуши...
  
  
  
   ***
   Чуғурчуқлар галаси
   учиб ўтди тепамдан.
   Эшитдим қанотлар шувиллашини.
  
  
  
   ***
   Менга совға беришди.
   Олтин балиқчани олиб кетяпман
   сувли қовоқда.
  
  
  
   ***
   Қиш ёмғири.
   Ҳамма нарса жим.
   Қирғоқдаги қайиқ ҳам ҳатто.
  
  
  
   ***
   Гўё капалакларни олдига солиб,
   хайдаб келаётганга ўхшар
   сўқмоқдаги йўловчи.
  
  
  
  
   -----------------------
   Танеда Сантока
   -----------------------
  
  
   ***
   Шундай кетмоқдаман,
   сўзанакни қалпоғимга
   қўндирганимча.
  
  
  
   ***
   Ёлғиз ўтирибман,
   ромга елимлаб
   янги қоғозни.
  
  
  
   ***
   Қандай ва қаёқдан қарамайин,
   ҳамон ёғаяпти тўхтамай,
   ёғаяпти қор.
  
  
  
   ***
   Чирилдоқлар чириллар.
   Беркинишнинг иложи йўқ
   бу товушлардан.
  
  
  
   ***
   Учяпти, ҳамон учаяпти
   кузги дарахтларнинг сарғайган
   япроқлари совуқ шамолда.
  
  
  
   ***
   Дам олиб ётган чоғим
   қип қизил сўзанак
   оёғимга қўнди ўтлоқда.
  
  
  
   ***
   Яхшилаб чайнаш керак,
   хафсала билан.
   Гуруч бу гуручда...
  
  
  
   ***
   Бўкиб саке ичиб, маст бўлиб,
   чирилдоқлар билан бирга
   ухлаб қолибман.
  
  
  
   ***
   Ёзги сел шовқини.
   Йиллар ўтиши билан мен каби
   сел ҳам қарибди.
  
  
  
   ***
   Аёзли қиш кечаси,
   совуқ изғирин.
   Мен қаерда тунайман энди?..
  
  
  
   ***
   Қаёққадир шошар
   совуқ булутлар
   чексиз осмонда...
  
  
  
   ***
   Далада изғирин.
   Тошларни тераман
   кузги шамолда...
  
  
  
   ***
   Қандай ивиб кетдима
   боягина ҳув анави,
   булутлардан ёққан ёмғирда!..
  
  
  
   ***
   Узиликсиз кавшанаман.
   Менинг овқатим -
   гуруч кепаги.
  
  
  
   ***
   Ҳой, ноинсоф чигиртка,
   халтадаги гуруч ўзи оз,
   эртагача етсин...
  
  
  
   ***
   Емоққа овқат йўқ.
   Кузатаман қуёшни ғамгин
   баланд, олис тоғлар ортига...
  
  
   ***
   Ёлғиз, беғам, оппоқ капалак
   Учиб айланмоқда пилдираб.
   Ҳамма ёқда тош.
  
  
  
   ***
   Кулбам айвонида ёлғиз ўлтириб,
   роҳатдан кўзларим юмиб, кавшаниб,
   "Уембоси" қиёмин ейман . . .
  
  
  
   ***
   Ёлғиз ва сокин
   жим - жит ўнгирларнинг
   шаффоф тонглари . . .
  
  
  
   ***
   Июль жаласи.
   Ўприлиб кетдими дейманда,
   осмон тўғони . . .
  
  
  
   ***
   Хотиралар учиб келар
   қайдандир бирдан
   оппоқ ювош капалак билан . . .
  
  
  
   ***
   Атроф тоғ, қарағай ўрмони.
   Тошни ёстиқ қилиб ётибман.
   Шоша пиша сузар кузги булутлар. . .
  
  
  
   ***
   Тунги ибодатхонада
   тонгача мушук
   ўйнади парвона капалак билан.
  
  
  
   ***
   Йўлда касал бўлиб қолдим.
   Мана энди тунги зулматда,
   тинглаяпман сел шовқинини . . .
  
  
  
   ***
   Қоронғи тушди.
   Энди ойдин тоғлардан
   ахтараман тунамоққа жой.
  
  
  
   ***
   Нахот шу кул қолган бўлса
   ёқиб юборилган кундалигимдан ?. . .
  
  
  
   ***
   Тонг палласи йирик томчилар
   ноғора қилиб чалар
   пастаккина кулбам томини.
  
  
  
   ***
   Мени бурга чақиб, ухлатмаяпти,
   юлдуз тўла бепоён осмон . . .
  
  
  
   ***
   Денгизларга тикилганимча
   соҳилдаги ўтлоқда
   бўшанаман , хожат қиламан.
  
  
  
   ***
   Кузги шамолларда
   От суғораман . . .
  
  
  
   ***
   Чўчқа менга тикилди.
   Қизиқишдан очилган оғзига
   кирмоқда кузги шамол .
  
  
  
   ***
   Кун бўйи ёмғир ёғди .
   Мен ўйладим ҳасратга чўмиб ,
   олисларда қолган Ватанимни.
  
  
  
   ***
   Бунча ҳам мазали
   бўлмаса гуруч .
   Кавшанаман бир ўзим ўйчан.
  
  
  
   ***
   Офтоб қиздирмоқда
   устарада таглаб қирилган
   тақир бошимни...
  
  
  
  
   -------------------
   Исикава Токубоку
   ---------------------
  
  
  
   ***
   Тургеневнинг романини
   поездда ўқиб кетаётиб,
   "Исикари" дан ўтиб кетибман.
  
  
  
   ----------------------
   Мидзухара Сюоси
   ---------------------
  
  
  
   ***
   Қишлоқ узра ғамгин порлаган ойни,
   томоша қилмас ҳеч ким.
   Барча шоли ўримида . . .
  
  
  
   ***
   Олмалар гуллаган.
   Боягина ёққан баҳор селидан кейин,
   оппоқ гул қоплади соҳил сувларин.
  
  
  
   ***
   Ой порлар .
   Қайинлар сояси сезилмас ,
   туманларга чўмган қайинзор.
  
  
  
   ***
   Баҳорни кузатаяпман
   ёмғирларда шалоббо ивиб,
   булутлар билан юзма - юз , тоғда.
  
  
  
   ***
   Ёмғирли кун.
   Оқин бўйлаб оқар хризантемалар
   кўринмайди биронта қайиқ.
  
  
  
   ***
   Чой гуллайди баланд қояда.
   Шом зулмати қоплаган тоғлар.
   Олислардан кўтарилар ой.
  
  
  
   ***
   Қалдирғочлар чийиллаб учар,
   гир айланиб, тоғдаги кулбамнинг,
   томи устидан.
  
  
  
   ***
   Хаги гуллаётган
   Асама тоғига чиқаман
   булутларни гўёки қайриб . . .
  
  
  
   ***
   Баланд жарлар аро, тўлқинлар узра,
   чағалайлар ини ёнида
   олхўри гуллар . . .
  
  
  
   ***
   Беркинади ўт - ўлан ичра
   тунаш учун ўтлоқ каккуси ,
   яқинлашар тун . . .
  
  
  
   -----------------------
   Акутагава Рюноске
   ---------------------
  
  
  
   ***
   Мана тонг отди.
   Қўшиғини тўхтатиб, бирдан ,
   чирилдоқ жимиб қолди.
  
  
  
   ***
   Тоғ этакларида
   юмилиб қолибди совуқ аёздан ,
   чой ғунчалари.
  
  
  
   ***
   Қишки ёмғирлар.
   Канал қирғоғидаги чойхонада
   ёлғиз бир меҳмон . . .
  
  
  
   ***
   Боғ йўлакчасидаги
   кўлмакда акс этар.
   Азалия гуллари . . .
  
  
  
   ------------------------
   Натсуме Сосеки
   ------------------------
  
  
   ***
   Мен касал ётган хонанинг
   бамбук пардасига оҳиста қўнди
   кузги капалак.
  
  
  
   ***
   Кузги дарё, баланд соҳиллар.
   Дарё узра акс - садо янграр.
   чайла қуришяпти узоқда.
  
  
  
  
   ----------------------
   Иида Дакотсу
   -----------------------
  
  
  
   ***
   Печка эшикчасин очиб, қарасам,
   кўмир охиста, истамайгина,
   "қрақ, қрақ" этиб, ёнмоқда экан. . .
  
  
  
   ***
   Шамолда чайқалиб, жаранглар
   эшикка осилган митти қўнғироқ.
   Анор гуллабди . . .
  
  
  
   ***
   Пашшахонага кириб ётибман.
   Сўнаётир кузги саҳарда
   ўчоқдаги кечаги чўғлар . . .
  
  
  
   ***
   Қор кўмиб ташлади
   барча йўлларни.
   Исинаман ўчоқ олдида ёлғиз . . .
  
  
  
   --------------------
   Найто Мейсетсу
   ----------------------
  
  
  
  
   ***
   Шаффоф сувда
   қилт этмайди мудроқ балиқлар.
   Кузги шамол . . .
  
  
  
   -----------------------
   Такахама Кёси
   ----------------------
  
  
   ***
   Гувиллаган совуқ шамолни,
   кўксим билан қарши олиб .
   бир зумга унутдим қариганимни . . .
  
  
  
   ***
   Ҳадемай жимиб қолар
   ўтинчининг болтаси тоғда.
   Кузги ёмғирлар . . .
  
  
  
   ***
   Лойқалатиб ариқ сувини,
   дехқон шолғом ювар
   ҳафсала билан . . .
  
  
  
   ***
   Биринчи қиш ёмғири.
   Менинг юрагимда умрбод
   қолар энди у . . .
  
  
  
   ***
   Бошим узра учиб ўтди қуш,
   тумшуғида нимадир чўқиб.
   Мева шекилли . . .
  
  
  
   ***
   Мана , яна битта чинор новдаси,
   япроқларин тўкиб, яланғочланди . . .
   Сув қуйгандай жим жит чор тараф.
  
  
  
   ***
   Баланд тоғ ёнбағирларидан туриб,
   ўтинчилар ўйчан термулиб қарар,
   водийдаги қолган қутган қорларга . ..
  
  
  
   ----------------------
   Ковахигаси Хекигадо
   ----------------------
  
  
  
   ***
   Оёғим остида ўралашиб ,
   ўсиб ётган майсалар аро
   чийиллайди митти жўжалар.
  
  
  
   ***
   Мен тун бўйи хайку ёзаман.
   Камсуқумгина хотиним эса,
   кийимини ямаб - ясқайди . . .
  
  
  
   ***
   Ўтлоққа чиқаман.
   Қизғалдоқлар тўзғир шамолда
   ва суқсирлар учиб ўтар саросар. . .
  
  
  
   ***
   Картошка қайнатаман.
   Гўё қайдадир, коинотнинг бўшлиқларида
   йиғлар болакай . . .
  
  
  
   ***
   Қорайган ўчоқ мўриси узра
   айланади инга жой излаб
   қалдирғочлар баҳорда . . .
  
  
  
   ***
   Қишлоқда байрам,
   қирмизи фонуслар ёнар.
   Бўкиради буғу зулматда . . .
  
  
  
   ***
   Сув чархпалагин айлантиришдан,
   чарчаб ҳолдан тойди одамлар
   шоли экиш мавсумида . . .
  
  
  
   ***
   Буғда пиширилган шолғомни
   Сузмага қўшиб еб,
   ўлтирдим ғамгин . . .
  
  
  
   ***
   Совуқ суягимдан ўтиб кетди.
   Чошгох пайти соҳилда
   қарағайлар аро дайдийман ҳамон.
  
  
  
  
   -----------------------
   Исикава Такубоку
   ------------------------
  
  
  
   Касалхона деразасига
   яқин олиб келишди мени.
   Одамларни кўриб, қувондим.
  
  
  
   ***
   Охири улоқтирдим
   куя еган телпагимни мен.
   Олти йил кийдим уни.
  
  
  
  
   -------------------
   Токи Дземмаро
   ------------------
  
  
  
   ***
   Узоқларни кўрсатдим бармоғим билан,
   у ёқларда, у ўлкаларда
   оқиб ётар Волга дарёси.
  
  
  
   ***
   Узиликсиз, худди телбадек,
   ўйлайвердим аччиқ тамаки чекиб,
   олис Сибир қорлари ҳақда.
  
  
  
   ***
   Қайта - қайта ўқийман кўзларимда ёш,
   юракка яқин Тургеневнинг бу китобини.
   Муқоваси сарғайиб кетган...
  
  
  
   ***
   Оҳ, неча бор ўчди папирос чўғи,
   Ҳасратли ўйлар -
   Аччиқ Рус тамакиси, қиш...
  
  
  
  
   ---------------------
   Насиваки Дзюндзабуро
   ---------------------
  
  
  
   Кузги дарё қирғоғи.
   Узун узун ўт - ўлан ичра
   Балиқ тутар қармоқда кимдир.
  
  
  
  
   ----------------------
   Масаока Сики
   ----------------------
  
  
  
   ***
   Чирилдоқлар чириллар,
   аммо минг афсус
   қулоқлари кардир отамнинг...
  
  
  
   ***
   Қишлоқдан шаҳарга келиб,
   гуллаган гилосни томоша қилаётган
   дехқон ҳамёнини кесиб кетишди...
  
  
  
   ***
   Рангпар ой.
   Менинг бирдан
   тарвуз ўғирлагим келди негадир.
  
  
  
   ***
   Ўғрини тутиб,
   симёғочга боғлаб қўйдилар.
   Тунги аёз...
  
  
  
   ***
   Қиш оқшоми.
   Ховуздаги ўрдаклар устига
   қор ёғаётир.
  
  
  
   ***
   Шом пайти қийналиб юриб,
   фонусни осдим
   гуллаётган гилос шохига...
  
  
  
   ***
   Туманларнинг қаъридан чиқдим.
   Эҳҳе, қанчалар буюк денгиз
   рўпарамда ястаниб ётар!
  
  
  
   ***
   Ёзги дарё.
   Кўприк бору лекин,
   отлар ўтар саёз кечувдан...
  
  
  
   ***
   Одамлар кўпчилик бўлиб,
   ётиб олган кема сахнига.
   Порлар ёзги ой...
  
  
  
   ***
   Ортимга ўгрилган пайтим,
   ҳозиргина ёнимдан ўтган йўловчи
   туманларда кўринмай кетди...
  
  
  
   ***
   Қайиқдан, кўприклардан
   кир ёядиган жойдан,
   ҳамма ёқдан қарарлар ойга...
  
  
  
   ***
   Баҳор оқшоми.
   Кимдир ўтди ёнимдан
   сибизға чалиб...
  
  
  
   ***
   Қандай қайғули кўриниш!
   Ўргимчак тўрига
   капалаклар илиниб ётар...
  
  
  
  
  
   --------------------
   Сайгё шеъриятидан:
   Танкалар
   ---------------------------
  
  
  
   ***
   Дувиллаб тўкилди
   узун узун ўт - ўланлардан.
   биллур шудринглар.
   Кузги шамол гувиллар
   Мягино далаларида.
  
  
  
   ***
   Кеч кузак осмони,
   қош қорайган он,
   аранг - аранг ялтираб,
   кўринди ниҳоят узоқ кутдирган,
   соғинтирган ой.
  
  
  
   ***
   Энди қандоқ қиламан мен,
   кўйлагимнинг намчил енгида
   ялт этди шуъла.
   Ботиб кетди булут ортига
   кузги маюс ой.
  
  
  
   ***
   Куз оқшоми, ойдинда
   ёприлди булутлар
   ой юзин тўсмоқ учун.
   Йўқ, кўзларимни алдабди
   ғозлар галасининг кўланкалари.
  
  
  
   ***
   Осмонда ой йўқ.
   Чиқармикин у ?
   Мен айвонда ўлтирганимча
   узоқ кутдим, жуда ҳам узоқ
   ой чиқишин тоғли қишлоқда.
  
  
  
   ***
   Кундузгидай ёп - ёруғ кеча
   кўланкам ҳам кўринмас.
   Ой ярақлаб порлар
   борар манзилимни англадим
   қўнғироқлар товушидан.
  
  
  
   ***
   Шудрингларин тўкмай,
   узиб олдим мен
   гуллаган Хаги бутоғини,
   чигирткалар қўшиғин тинглаб
   ой ёруғида.
  
  
  
   ***
   Қора сиёх билан ёзилган
   хатларга ўхшаб
   ғозлар қанот қоқиб,
   ғоғолаб учар
   тунги осмонда.
  
  
  
   ***
   Ўт - ўланларни қайриб,
   юрдим қайғуга ботиб.
   Шудринглардан оғирлашди
   кўйлагим енги.
   Чигирткалар менга қўшилиб йиғлар.
  
  
  
   ***
   Баҳор туманлари.
   Қаёққа, қайси тарафга
   учиб кетди экан қирғовуллар?
   Улар тухум қўйган ўтлоққа
   болалар ўт қўйибди...
  
  
  
   ***
   Туман қоплаган дала.
   Ўраман ўт - ўланни.
   Туманлар қайғули.
   Болалигим беркиниб олган
   ҳув олисда , туманлардан ҳам нарида.
  
  
  
   ***
   Туманли тепаликлар томонга
   беркинган қирғовуллар.
   Узоқ - узоқлардан
   қанотлар шарпаси
   сезилар менга...
  
  
  
   ***
   Тинчим йўқолган менинг.
   Тинимсиз ўйлайман, қайси ўнгирда
   қайси тоғ ёнбағирида
   қайси олча
   гуллар экан биринчи бўлиб?..
  
  
  
   -----------------------
   Вакаяма Бокусий ёзган танкалар
   ---------------------
  
  
   ***
   Вулқон пойида ўсган
   қарағай ўрмони тепасида ой
   кумуш шуълалар таратган кеча
   тун бўйи тинмай
   сайради какку.
  
  
  
  
   ***
   Эски кварталда,
   уфқдаги шом булутларига
   қараб тўймайман .
   Кечки соат вақтин хабарлаб,
   жом чалади ибодатхона.
  
  
  
   ***
   Саждагохдан тушаман ,
   зинама - зина юриб, оҳиста
   ва қуюқлашаётган зулматда
   бутун вужудим билан
   ҳис қиламан бу куз , бу тунни . . .
  
  
  
   ***
   Шом ҳасрати чўккан кулбада
   қирмиз кўмирларга сочсанг
   озгина саке,
   ҳушбўй кўкатларнинг хидига
   тўлиб кетар ўшанда хонанг .
  
  
  
  
   ***
   Узоқ узоқларда қорли чўққилар.
   Ҳайбатли қоялар пойида эса
   шовуллайди долғали денгиз.
   Қирғоқ бўйлаб сайр қиламан
   баҳор қувончига тўлиб вужудим.
  
  
  
  
   ***
   Ярим кеча ойдинда ёлғиз
   кулбамга қайтаман.
   Сўнг зинапояда тўхтайман,
   енгимдаги арча игнабаргларин
   қоқиб туширмоқ учун.
  
  
  
  
   ***
   Булутлар тарқади.
   Мен Асама чўққисидаги
   сўқмоқ узра юрибман дайдиб.
   Вулқон мўриси устида
   булут парчасига ўхшаган тутун.
  
  
  
   ***
   Термуламан кўм кўк денгизга,
   эшитаман сувлар шовқинин.
   Тўлқинлар қояга ўзини урар,
   гоҳо кўкка сапчиб , гоҳида пастлаб,
   юрагимни тўлдирар ғамга.
  
  
  
   ***
   Дуд бурқсиган лойпахса ўчоқ.
   Тутун хиди келар
   куружкадаги қайноқ сувдан.
   Тоғдаги қишки кулбада совир
   ғарибгина кечки овқатим.
  
  
  
   ***
   Дарахт шохлари аро
   порлайди қишки қуёш.
   Юзларимни оҳиста силар
   унинг хорғин нурлари.
   Ёритади , лекин иситмас !
  
  
  
   ***
   Мен узоққа кетдим .
   ва денгиз соҳилида
   тунамоқчи бўлдим.
   Энди ётган эдим, ярим кечаси.
   Шаррос қуйди дахшатли жала.
  
  
  
  
   ---------------------
   Ёсии Исаму
   --------------------
  
  
  
   ***
   Ҳавода сузади тамаки хиди,
   ойдин кеча, кимсасиз йўллар.
   Жуббамга бурканиб, юрибман, дайдиб
   қинғир - қийшиқ жинкўчаларда.
   Гион хавосидан симириб ёлғиз . . .
  
  
  
   ***
   Пойтахтда аёз.
   Музлаб қолмадимикан учиб кетаётиб
   қўнғироқлар жаранги?..
   Аста валдирайман
   совиб қолган саке устида . . .
  
  
  
   ***
   Билганимда эди, ўшал деразадан
   туманли зулматлар аро порлаган
   фонуснинг хира ва хорғин ёғдуси аро
   ойдин сукунатда ойнасин аста
   тақиллатган бўлардим албат.
  
  
  
   ***
   Наҳот ҳеч ким келмас ўлганимдан сўнг
   сўппайиб ётган ёлғиз қабримни
   зиёрат қилмоққа, кўз ёши тўкиб?
   Ўлганингдан кейин унутилишингни
   Ўйламоқ қайғули . . .
  
  
  
   ***
   Эшитдим , Бокусий тарк этибди
   охири бу телба дунёни.
   О, куз бунчалар маюс ва ғариб,
   ҳаттоки юрт ба юрт дайдиб юрсамда,
   ҳатто еб - ичсамда, ҳузурлансамда ! . .
  
  
  
   ***
   Камдан - кам одамга насиб қилади
   тотиб намхуш қайғуни -
   лаблар билан ҳис қилмоқ
   тинимсиз ичилган саке таъмини
   ҳаёт ва мамотнинг чегарасида . . .
  
  
  
   ***
   Февраль ойи охирлаб борар,
   олис момақалдироқ товуши -
   баҳорнинг илк акс - садоси.
   Краб чиғаноғида Саке қайнатяпман
   денгиз соҳилида бир ўзим, ёлғиз.
  
  
  
   ***
  
   Қаерда , қандай ва қачон ,
   тарк этаркинман бу дунёни мен.
   Мен ҳаётим ҳақида ўйлайман,
   ўйлайман ўлимим ҳақида узоқ
   ойдин Ино текислигида.
  
  
  
   ***
   Изтиробли ўйлар оғушида жим
   ўчоққа ўт қалайман, пуфлайман тутун
   ва тун бўйи бедор ўлтириб,
   ҳасратли бехудуд ўйга чўмаман,
   қизарган кўмирларни ковлаб, ағдариб . . .
  
  
  
  
   ***
  
   Сенинг фикринга қўшилмаган
   одамларни савалаш шартми?
   Яхшиси қўлинга толхивич олиб,
   ўз - ўзингни аёвсиз савалаб,
   моматалоқ қилган яхшироқ . . .
  
  
  
   ***
   Ҳасратли қайғулар!
   Бугун яна ўчоқдаги кўмир чўғида
   саке иситяпман бир ўзим ёлғиз.
   Кундан кун тобора қишга
   сингиб бораётир Нирао дараси . . .
  
  
  
  
   ---------------------
   Ито Сатио
   ---------------------
  
  
  
  
   ***
   Мен ёмғирли тунда
   пион гулларини соғиниб кетдим .
   Сўнг тошфонарни ёқиб, оҳиста
   ташқарига чиқдим, пион гулларини
   кўриб келмоқлик учун.
  
  
  
  
   ***
   Кўраяпман - тош устин ёпиб,
   ва дарахтлар пойини қоплаб,
   гўё биргалашиб, йиғилиб,
   ҳамкорликда чирпирамоққа
   ҳозирланар барги хазонлар . . .
  
  
  
  
   ***
   Хориган ер, чарчаган осмон
   тонг отгунча уйқуга кетар.
   Зулмат қуюқлашар
   ва бепоён денгиз устидан
   беғамгина кўтарилар ой . . .
  
  
  
   --------------------
   Симаки Акахико
   --------------------
  
  
  
   ***
   Гуллаётган ўтлоқлар аро
   ўт - ўланли сўқмоқдан юриб,
   етиб келдим буғдойзорга мен.
   Ва хўрсиниб, дедим: -Жим - житлик!
   ўрдак ғақиллади менга жавобан . . .
  
  
  
   ***
   Ярим кеча
   қуюқлашган туманлар аро
   сизар ёғдулар
   ва сирғалган ой шуъласида
   ғира - шира жилваланар сув . . .
  
  
  
   ***
   Ўрмон сайхонлигидаги
   узун узун ўт -ўлан ўсган ўтлоқда
   ўйланиб ўлтириб, ёлғиз бир ўзим
   тоғли ўлка билан хайирлашяпман.
   Қайғули ва оғир бу юрак учун.
  
  
  
   ***
   Чироқ шуъласига талпинганича
   парвоналар айланар учиб.
   Уйда, мен билан ёнма - ён,
   болаларим ухлар
   эски - тускиларга ўраниб, қотиб . . .
  
  
  
   ***
   Ёмғир тинди, ёришди осмон.
   Шундан бўлса керак,
   ҳаво тоза, муздек мусаффо.
   Гуруч қоғозининг қирғоқларида ,
   ёниб тугаётир ботиш шуъласи . . .
  
  
  
   ***
   Жим кимсасиз тунги кўчалар.
   Сўнган куллар қуруми босган
   ўчоқ мўрисининг қирғоқларини
   қиров билан безар
   изғирин аёз . . .
  
  
  
   ***
   Узоқ узоқлардан, зулмат қаъридан
   элас элас эшитилар қулоққа
   тўлқинларнинг бўғиқ шовқини.
   Дарахтлар сояси чўзилиб ётган
   ойдинда рақс тушар дехқонлар.
  
  
  
  
   ***
   Ёзаяпман , ёзаяпман ,
   қоронғи тушса ҳам ой шуъласида.
   Ҳатто чироқни ёқиш учун ҳам
   ўрнимдан тургим келмас.
   Ёлғиз қаршилайман оқшомни шундай . . .
  
  
  
  
   ***
   Далаларда эриб кетди қор,
   қўнғир тупроқ ялонғочланди
   ва осилиб турар ер узра
   ботаётган қуёш лаппаги.
   Кўриниши кичик ва совуқ . . .
  
  
  
  
   ---------------------------
   Нагатсука Такаси
   --------------------------
  
  
  
   ***
   Дала ортидаги зовурда
   бошларини чиқариб сувдан
   бақалар куйлайди.
   Баҳорги ўрмонларда эса
   калиналар гуллабди оппоқ .
  
  
  
   ***
   Уй олдидаги боғда
   сукунатли сокин туманлар.
   Тонги ғира - ширада
   бадян шохларидан тўкилган
   хазонларни супураман жим.
  
  
  
  
   ***
   Ловия палаклари
   йиғиштириб олинган.
   Кузги даладаги
   тўрсайган кулранг тиканлар аро
   чигирткалар чириллар ғамгин . . .
  
  
  
   ***
   О ,Камелия гули ,
   музлаб совқотдинг ,
   совуқ шамолда.
   Сенга хеч ким ачиниб боқмас .
   Ўхшаш бизнинг тақдирларимиз . . .
  
  
  
   ***
   Бугун тунда жарангдор
   овоз билан куйлар чирилдоқ.
   Қаердадир шу яқин атрофда -
   балки , мисол учун , ошхонада , ёки
   сабзовот солинган тўрвада куйлар. . .
  
  
  
  
   ---------------------
   Коидзуми Тикаси
   ----------------------
  
  
  
   ***
   Ботаётган куннинг шуъласи
   қирмизи ёнғиндай шомги тоғларда.
   Бамбукларнинг қорайган
   соялари эса акс этар
   қоғоз деворда . . .
  
  
  
   ***
   Қўшнилар мени
   буғли хаммомида чўмилиш учун
   таклиф қилишди.
   Қайтаётиб осмонга боқдим,
   учқунларди қор . . .
  
  
  
  
   ***
   Қадрдон дўстимни
   зиёрат қилгани бордим.
   Жуда эрта очилибди
   оппоқ мойчечаклар
   четан деворли боғларда.
  
  
  
   ***
   Фонарни ўчириб
   бораман тонг саҳар чоғи
   ва кўраман олисда
   оппоқ туманлар булут сингари
   юмаланиб сузар ер узра . . .
  
  
  
  
   ---------------------
   Сяку Тёку
   ---------------------
  
  
  
   ***
   Бўм - бўш йўл .
   қуйилади атрофга жимлик.
   Қичишади бурун катагим
   ёқилган гулханнинг аччиқ дудидан.
   Чой қайнатмоқдаман . . .
  
  
  
   ***
   Қалбда хотиржамлик.
   Баҳор бўронидан сўнг
   ҳамма нарса тинчланди, мана.
   Эшитила бошлади кўчада яна
   ёғоч ковушларнинг тўқиллашлари . . .
  
  
  
   ***
   Булутлардан сизиб ўтаётган
   ойнинг хира ёғдусида
   тошаётган дарё кечувидаги
   шолипоялар аро
   бўқоқ тортган шолилар хиди . . .
  
  
  
   ***
   Тоғдаги қишлоқ
   қор босган дарахтлар .
   оппоқ осуда жимлик.
   Одам ҳам, ит ҳам кўринмас
   қарғалар юрибди кулбам олдида.
  
  
  
   ***
   Мана , яна қайтиб келдим мен,
   томида ой порлаб турган ўша
   тоғдаги пастаккина кулбамга.
   Ошхонада янграр қадрдон қўшиқ .
   бу менинг ҳамхонам - ёлғиз чирилдоқ . . .
  
  
  
  
   ------------------------
   Хайкулар
   -----------------------
  
  
  
   * * *
   Баланд қоядаги дарахтга яна
   илиниб қолибди
   менинг варрагим . . .
  
  
   --------------------------------------
   Кобаяси ИССА .
   ------------------------------------
  
  
  
   ***
  
   Қийғос гуллаётган гилослар,
   Мажбур қилди отдан тушишга
   Бефаросат амалдорни ҳам.
  
  
  
  
   ***
  
   Далаларга қўнди ёввойи ғозлар.
   Томошабин одамларни
   Адо қилиб бўлмайди санаб.
  
  
  
  
   ***
  
   О, қанчалар ғамгинлик билан,
   Кузатмоқда капалакнинг
   Озод парвозини қафасдаги қуш!
  
  
  
  
   ***
   Куз шамоли келтирди
   Бир қучоқ хазон,
   Ўчоққа ёқмоқ учун.
  
  
  
  
   ***
  
   Шудринг кўздан ғойиб бўлди,
   Учиб кетди, нопок бу дунёда
   Қиладиган иши қолмагандай.
  
  
  
  
   ***
   Дехқонларга ҳам ҳайронман.
   Улар ўрнатган дала қўриқчиларининг
   Ҳаммаси қинғир -қийшиқ.
  
  
  
  
   ***
   Бу қўзиқориннинг заҳарли эканини ва,
   Еганки одамни ўлдиришини
   Билардим, аввалдан билар эдима!..
  
  
  
  
   ***
   Йил охирлаб қолган пайтлар
   Қоғоз қанот чиқариб, бирдан
   Учиб кетди қайгадир пуллар...
  
  
  
  
   ***
   Эҳҳей, неча кун юмалади экан
   Бу шўрлик пўртахол меваси
   Текисликка тушгунча тоғдан?!
  
  
  
  
   ***
   Арши Аълодан тушаётгандай,
   Ойдинда оҳиста ерга қўнаётган
   Оппоқ гилос гулпаллалари.
  
  
  
  
   ***
   Хайдаманглар қовоқарини!
   Ахир у узоқлардан келган,
   Ўтлоқдаги гулларни йўқлаб.
  
  
  
  
   ***
   Чошгоҳ пайти сояда ётиб,
   Жазирама далада ишлаётган,
   Одамларга ҳурматим ортди.
  
  
  
  
  
   ---------------------------
   Ёса БУСОН .
   ---------------------------
  
  
  
   * * *
   Баҳор сели.
   Океанга қуйилмоқда
   бўтана сувлар . . .
  
  
  
  
   ***
  
   Ойдин кеча. Сайрайди бўлбул
   Кичкина тумшуғини
   Борича очиб.
  
  
  
  
   ***
  
   Ўтаверар шошиб баҳор кунлари,
   Бир -бирини кувлаб, олдинма - кейин.
   Мен эса, ўтмишда яшайман ҳамон.
  
  
  
  
   ***
   Қуёш ҳам оҳиста ботмоқда уфққа.
   Китлар кўринмади бугун негадир.
   Қораймоқда денгиз юзаси.
  
  
  
  
   ***
   Тўрғай сайрар тўлиқиб, тошиб,
   Узоқ термулади кўкка самурай,
   Енгини кўзига соябон қилиб.
  
  
  
  
   ***
  
   Илиқ баҳор оқшоми.
   Йўловчилар ўтди, ой порлаётган,
   Булбул чах -чах сайраётган пайт.
  
  
  
  
   ***
  
   Оғир, улкан қўнғироқ четига
   Қўниб турар омонат
   Енгил капалак.
  
  
  
  
   ***
   Югирик денгиз тўлқинлари ювар,
   Хурпайган оппоқ қарқаранинг,
   Узун -узун оёқларини.
  
  
  
  
   ***
   Оҳ, қанчалар маза!
   Кечсанг ёзги тиниқ сувларни,
   Шиппагингни қўлинга олиб.
  
  
  
  
   ***
  
   Икки ёки учта гулпалла
   Бир -бирининг устига тушди.
   Пион гули тўкилаётир.
  
  
  
  
   ***
  
   Тунги пашшахонага қамалган,
   Ёнарқуртлар учди зулматда.
   Қувончларга тўлди юрагим!
  
  
  
  
   ***
  
   Кузги бўрон.
   Новдаларга қўнган чумчуқ галаси
   Мувозанат сақлайди аранг.
  
  
  
  
   ***
   Оқшом, шундоқ жинкўчада
   "Бон" байрамига кетаётган йўловчини,
   Қувлаб қолди қопоғон итлар.
  
  
  
  
   ***
  
   Ой порлаган кеча кўзи ожиз одам,
   Тасодифан менга туртиниб кетиб,
   Кулиб юборди.
  
  
  
  
   ***
  
   Ҳатто Худо урган қароқчи ҳам,
   Жўшиб, қўшиқ айтиб юборар
   Бундай ёруғ ойдин кечада.
  
  
  
  
   ***
  
   Ой тиккага келган маҳал.
   Кимсасиз кўчада юрибман дайдиб,
   Ёлғиз бир ўзим.
  
  
  
  
   ***
  
   Тол новдалари баргсиз,
   Ариқ суви тиниқ ва саёз,
   Тошлар яланғоч.
  
  
  
  
   ***
  
   Қирғоқда бир ўзим балиқ тутаман.
   Ғариб, ғамгин кузги шамоллар
   Таранглаштиради қармоқ ипини.
  
  
  
  
   ***
  
   Кузги сўлғин ўтлоқ.
   Эҳҳе, қанча қўйтикон ёпишибди,
   Отнинг думига!
  
  
  
   ***
  
   Совуқ аёз, қоронғу кеча.
   Зулматда туртиниб хотинимнинг,
   Тароғини босиб, синдирдим яна.
  
  
  
   ***
   Бир маромда шиғиллар арра.
   О, қашшоқлик, о, камбағаллик!
   Қахратон қиш, қор босган дала.
  
  
  
   ***
   Порлар дала узра шуълаафшон ой.
   Мен унга термулганча, унутдим,
   Қандайдир шоирона изтиробларни...
  
  
  
   * * *
   Ойнинг биринчи куни , менинг ушоқдек
   варрагим бошқа варраклар билан
   қўшилиб ликиллар Эдо* устида . . .
   ---------------------
   * Эдо- Токионинг эски номи.
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Сел тошқини.
   Оҳ, қанчалар тўлиб оқмоқда
   қалъа атрофидаги зовурлар !
   -------------------------------
   Масаока СИКИ .
  
  
  
   * * *
   Сув тошқини.
   Мушук тушиб кетди оқимга
   Сакраб ўтолмади бечора .
   -----------------------------
   ХОРО
  
  
  
   * * *
   Баҳор шамоли.
   Ютоқиб - ютоқиб сув ичар сичқон
   Сумида дарёсидан . . .
   -----------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Ажойиб варрак кўтарилди
   камбағалнинг томи устидан
   кўм - кўк осмонга . . .
   ----------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Қайиқ устида варақлари
   тош билан бостирилган китоб.
   Баҳор шамоллари эсар . . .
   -----------------------
   КИТО.
  
  
  
   ***
   Капалаклар учиб юрибди
   У ёқдан буёққа хорғин,
   Ўтган баҳорни излаб.
  
   Гомей.
  
  
  
   ***
   Кузги тўлин ой.
   О, мумкин бўлсайди қайта туғилмоқ,
   Мен тоғда қарағай бўлардим албат!
  
   Рёта.
  
  
  
   ***
   Оппоқ лотос гулин
   Кесиб олдим ўроқ билан
   Югирик тўлқинлар аро.
  
   Идзен.
  
  
  
   ***
   Бир кечада печакгул,
   Чирмашибди қудуқ челагига.
   Энди қўшнилардан оламан сувни.
  
   Тиё.
  
  
  
   ****
   Ховуз узра қизил ниначи
   Тутяпти, тутяпти, тутяпти ҳамон
   Сувдаги ўз аксини.
  
   Тиё.
  
  
  
   ***
   Ой тўлган кеча.
   Қушлар ҳам ҳатто
   Инларини беркитмай ухлар.
  
   Тиё.
  
  
  
   ***
   О, порлоқ ой!
   Мен сен томон юраман, сен эса,
   Бадтар олислайсан.
  
   Тиё.
  
  
  
  
   ***
   Ваннадаги сувни
   Қайга тўкишимни билмайман.
   Ҳамма ёқда чирилдоқ.
  
   Оницура.
  
  
  
  
   ***
   Совуқ қиш кечаси
   Хувиллаган даладаги қўриқчи
   Қарғаларга қўналға бўлди.
  
   Кикаку.
  
  
  
  
   ***
   Қуёш ботаётир уфқлар бағрига.
   Кимсасиз жим -жит кўчада ёлғиз,
   Учиб юрар дайди капалак.
  
   Кикаку.
  
  
  
  
   ***
   Оғир тавақали дорвоза
   Тамбаланган аллақачонлар.
   Ой порлайди аёзли тунда.
  
   Кикаку.
  
  
  
  
   ***
   Ел каби тез учади йиллар,
   Ўн йил ўтибдия дарров орадан.
   Кечагина қабрга қўйгандик уни!
  
   Кикаку.
  
  
  
  
   * * *
   Баҳор шамоли .
   Турналар оқариб хурпаяр ,
   қарағайлар орасида . . .
   ----------------------------
   РАЙДЗОН .
  
  
  
   * * *
   Худди одамлардай дайдиб юрибди
   каптарлар , чумчуқлар
   балиқ ови мавсумида .
   --------------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Балиқ ови мавсумида
   қисқичбақа ишонқирамай
   ўлчаб юрар қумда оёқ изларин . . .
   ---------------------
   РОФУ
  
  
  
   * * *
   Шоли экиш мавсуми.
   Ох қанча қайғу, қанча ташвишлар
   қуйилган - а бу қўшиқларга !
   ---------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Дехқон ухлар тоғ этагида,
   кетмончага бошини қўйиб.
   Тўрғай сайрамоқда ҳавода.
   ------------------------------------
   Кобаяси ИССА
  
  
  
   * * *
   Шолипоя чопгани чиқдим .
   Қуш ҳам сайраб қўймас ақалли
   тоғ ёнбағрида . . .
   ----------------------
   Ёса БУСОН .
  
  
  
   * * *
   Мен бу ерни ағдаргунимча
   кетиб қопти дала осмонида
   сузиб юрган бир парча булут . . .
   -------------------------
   Ёса БУСОН
  
  
  
   * * *
   Оқшом тутунлари.
   Ноғоралар зириллар гулхан томонда.
   Чалинади қулоққа қўшиқ . . .
   -----------------------
   РЁТА .
  
  
  
   * * *
   Кун узоқ чўзилар.
   Кўприкка қўнганича турар тустовуқ.
   Кетмайди учиб . . .
   --------------------------
   Ёса БУСОН .
  
  
  
   * * *
   Кун узундан узоқ.
   Олисдан элас элас эшитилади ,
   обжувознинг хорғин ғижири . . .
   ---------------------------
   ЯХА .
  
  
  
   * * *
   Узоқда учмоқда бир гала ўрдак.
   Мен кетмончамни чайқайман.
   Ғақ этади нимадир сувда . . .
   ---------------------------
   Ёса БУСОН .
  
  
  
   * * *
   Ўтлоқ узра тутун чўзилган.
   Вайсашмоқда бир нарсалар деб
   иккита бия . . .
   ----------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Эҳ сен булбул!
   Олхўри гулларига
   Оёқларинг лойин артаяпсанми?!
  
   -----------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Булбул сайраяпти,
   ҳар замонда ташлаб қаҳрли назар
   менинг кулбамга . . .
   --------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Дехқон ишлаётган
   орол устида ҳам
   тўрғай қўшиғи . . .
   --------------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Яшил жавдаризор.
   Тўрғай кўтарилди дала устига
   сўнг яна пастлади . . .
   --------------------------
   ОНИТСУРА .
  
  
  
   * * *
   Нарсаларни ёруққа қўйиб,
   кузатаман соялар туғилишини
   кузги чошгохда . . .
   -------------------------
   КЁСИ .
  
  
  
   * * *
   Тонг ёришар.
   Қўнғироқлар овози
   туманларга беланар.
   -------------------------
   Матсуо БАСЁ .
  
  
  
   * * *
   Куз кечаси.
   Ўралади нўноқ йўловчи
   юпқа кўйлакка . . .
   ------------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Таралмоқда о - о - о - оу !
   Мунгли чорлов акс - садоси.
   Тун қўйнида дайдийди буғу . . .
   -----------------------
   Матсуо БАСЁ .
  
  
  
   * * *
   Кузги тоғда ибодатхона.
   Айвонда турганча тингладим маюс
   буғу чорловин. . .
   ------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Буғу овози
   олисга жаранглаб сингади
   маюс ва маюс.
   -------------------------
   Матсуо БАСЁ .
  
  
  
   * * *
   Тунги совуқ.
   Менга жулдур тўнин қарзга берарми
   даладага ёлғиз қўриқчи? . .
   --------------------------
   Матсуо БАСЁ .
  
  
  
   * * *
   Изғирин.
   Узоқда хурпайган турнани
   кўраяпман мен . . .
   ----------------------------
   Ёса БУСОН .
  
  
  
   * * *
   Пўшт - пўшт , чирилдоқ,
   ҳозир ёнбошимга ағдариламан.
   Қани, жўнаб қолчи бу ердан !
   ------------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Ўчоқ бошидаги ковакка
   чирилдоқ кириб олган.
   Тунги совуқ . . .
   -----------------------
   Ёса БУСОН .
  
  
  
   * * *
   Куз келмоқда.
   Бу ҳақда хабар олиб ,
   учиб келди қизил ниначи .
   ------------------
   СИРАО .
  
  
  
   * * *
   Зоғча тутиб олдим.
   Унинг кўзларига қараб билдимки,
   куз келаётир .
   -----------------------
   ДАКОТСУ .
  
  
  
   * * *
   Илгакланган эшик.
   Ҳовли саҳнасида
   ўйнар хазонрез . . .
   ----------------------
   ТEЙГА .
  
  
  
   * * *
   Акиллайди безовта кўппак,
   ажратиб қуриган хазон шитирин.
   Ховлида бўрон . . .
   ---------------------
   Сисей - ДЗЁ .
  
  
  
   * * *
   Оппоқ хризантема.
   Мана қаршисида тўхтаб қайчи ҳам
   қотиб қолди бир дақиқага .
   --------------------
   Ёса БУСОН .
  
  
  
   * * *
   Янги боғ яратдим.
   Ниҳоят ундаги тошлар намланди.
   Биринчи қиш ёмғири . . .
   -----------------------
   СЯДО .
  
  
  
   * * *
   Биринчи қиш ёмғири.
   Маймун ҳам қаршилик қилмайди
   кийдирсанг чопон.
   -------------------------
   Матсуо БАСЁ .
  
  
  
   * * *
   Қандай қайсар одам !
   Балиқ тутар қиш ёмғирида
   қош қорайган чоғ . . .
   -----------------------
   Ёса БУСОН .
  
  
  
   * * *
   Мен шамолга қарши юраяпман.
   Соябоним ортга тортади
   қишки ёмғирлар вақти . . .
   -----------------------
   Сисей - ДЗЁ
  
  
  
   * * *
   Дехқон кенг далада
   менга йўл кўрсатди
   юлинган шолғом билан . . .
   ----------------------
   Кобаяси ИССА .
  
  
  
   * * *
   Товуқлар катакда ухлашаётир.
   Қор эса янада қалинроқ
   қоплаётир далалар устин.
   --------------------------------
   Кобаяси ИССА
  
  
  
   * * *
   Шамол қалпоғини учириб,
   савалайди селлар беаёв.
   Қўриқчи далада . . .
   ----------------------------
   ХАГИ - ДЗЁ .
  
  
  
   * * *
   Ойдин кеча.
   Нақадар аянчли , нақадар бахтсиз
   даладаги қўриқчи . . .
   -----------------------------
   Масаока СИКИ.
  
  
  
   * * *
   Даладаги қўриқчи
   ҳатто Хизр бўлиб келганида ҳам
   бошдан олмас евроқалпоғин.
   ----------------
   ДАНСУЙ
  
  
  
   * * *
   Ҳой, ҳовлида яна не шовқин?!
   Бу қўриқчи, кучли шамолда
   ерга қулаб тушди гурсиллаб.
   ---------------
   БОНТЁ .
  
  
  
   * * *
   Ғоз, ёввойи ғоз,
   айт неча йил учдинг саросар
   ўрмонлар ортига, денгиз ортига?. .
   ---------------
   Кобаяси ИССА.
  
  
  
   * * *
   Ёввойи ғозларнинг галаси
   ғоғолаб пастлади яйдоқ далага .
   Кучаймоқда тунги совуқлар . . .
   -----------------
   КЁРОКУ.
  
  
  
   * * *
   Қизилиштон тақиллатмоқда.
   Кун ботса ҳам ҳамон тинмайди
   ҳамон ўша эски жойида . . .
   -------------------
   Кобаяси ИССА.
  
  
  
   * * *
   Ўчоқ бошидаги ковакда
   куйлар тамом ўзин унутиб
   таниш чирилдоқ . . .
   ----------------
   Матсуо БАСЁ.
  
  
  
   * * *
   Тешик соябон -
   қишлов учун қўл келди жуда
   кўршапалакларга . . .
   ----------------
   Ёса БУСОН.
  
  
  
  
   * * *
   Совуқ тун.
   Жиғимга тегиш учун қўшнилар атай
   қозон тақирлатаётирми?
   ----------------
   Ёса БУСОН.
  
  
  
   * * *
   Сичқон чиқиб борар
   кўрпам ёнидаги жинчироқ сари.
   Ёғ ҳам музлабди . . .
   -----------
   Ёса БУСОН.
  
  
  
  
  
  
  
 Ваша оценка:

Связаться с программистом сайта.

Новые книги авторов СИ, вышедшие из печати:
О.Болдырева "Крадуш. Чужие души" М.Николаев "Вторжение на Землю"

Как попасть в этoт список

Кожевенное мастерство | Сайт "Художники" | Доска об'явлений "Книги"